yunusobod.toshkent.uz
Фотогалерея
Видеогалерея
Тошкент - 2200
  Дунёда шундай буюк шаҳарлар борки, улар нафақат қадимий тарихи, мураккаб ва шонли ривожланиш йўли, балки асрлар, минг йиллар давомида бажариб келган ижтимоий-сиёсий, маданий вазифаси билан ҳам, аввало ўз халқи, қолаверса, бутун башарият ҳаётида ҳар томонлама чуқур из қолдирган, миллий ифтихор ва тараққиёт рамзига айланиб кетган. Юртимизда ана шундай шаҳарлар қаторидан мустаҳкам ва муносиб жой эгаллаб, жаҳон аҳлининг ҳақли эътирофига сазовор бўлиб келаётган шаҳарлар кўп. Уларнинг ҳар бири - тенгсиз бойлигимиз, бизни дунё билан, ўтмишни келажак билан боғлашга хизмат қиладиган, миллий қадриятларимизни авлоддан авлодга безавол ўтказаётган муқаддас қўрғонларимиздир. Ҳеч шубҳасиз, уларнинг орасида азим Тошкент шаҳрининг ўрни ва аҳамияти беқиёс.
  Тошкент деганда, халқимизнинг озодликка эришиш, эркин ва фаровон жамият барпо этиш йўлидаги орзу-интилишлари, узоқ ва давомли курашлари, амалий ҳаракатларини, Ватанимиз ҳудудида кечаётган барча ўзгариш ва янгиланиш жараёнларини ўзида мужассам этиб, тобора юксалиб, чирой очиб бораётган йирик сиёсий-маъмурий, иқтисодий ва маданий марказни, мустақил Ўзбекистон давлатининг пойтахтини кўз олдимизга келтирамиз.
  Шу маънода, Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик қутлуғ тўйи бутун Ўзбекистоннинг тўйи, халқимизнинг меҳридан, она заминимиз саховатидан баҳраманд бўлган барча эзгу ниятли инсонларнинг байрами, десак, муболаға бўлмайди. Бу тарихий сананинг дунёдаги нуфузли ташкилотлардан бири бўлмиш ЮНЕСКО иштирокида халқаро миқёсда кенг нишонланаётгани ҳам шундан далолат беради.
  Йигирма икки асрлик тараққиёти давомида «Мингўрик», «Бинкат», «Чоч», «Шош», «Шошкент» каби номлар билан аталиб келган Тошкент доимо Марказий Осиёнинг бепоён ҳудудида кечган ижтимоий-сиёсий ҳодисалар, цивилизация ва маданий жараёнлар марказида бўлиб, қанчадан-қанча ўлмас анъана ва қадриятлар, не-не улуғ зотларнинг муборак номлари ва хотирасини, бой тарих, бебаҳо мерос намуналарини асраб-авайлаш, неча авлод вакилларини Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашдек мураккаб ва шарафли вазифани бажариб келмоқда. Милоддан аввалги бешинчи асрга оид хитой солномаларида, қадимий «Авесто» китобида, Абулқосим Фирдавсийнинг «Шоҳнома», Абу Райҳон Беруний асарларида Тошкент ҳақида маълумотлар мавжудлиги бу шаҳарнинг, ҳақиқатан ҳам, қадим замонлардан бошлаб улкан воқеаларга гувоҳ бўлиб келганини кўрсатади.
  Бу ҳақида фикр юритганда, мамлакатимиз Президента Ислом Каримовнинг қуйидаги сўзларини эслаш ўринлидир: «Бир нарсани ҳаммамиз яхши англаймиз. Тошкент тасодифан пойтахт бўлган эмас. Ўзининг кўп йиллик тарихи давомида Буюк ипак йўлидаги бу шаҳар коммуникация жиҳатидан мағрибу машриқни жануб ва шимолни том маънода боғловчи муҳим манзил, Турон, Туркистон, Ўрта Осиё заминидаги буюк марказ сифатида маълум ва машҳурдир».
  Бугунги кунда юртимизга дунёнинг турли ўлкаларидан ташриф буюрадиган одамлар дастлаб шу қутлуғ заминга қадам қўяди, унинг жамолига қараб, бутун мамлакатимизга, халқимизнинг куч-қудрати, салоҳият ва имкониятлари, миллий фазилатларига баҳо беради. Эл-юртимизнинг эзгу интилишлари, эртанги куни, келажаги нақадар пок ва ёруғ эканига яна бир бор ишонч ҳосил қилади.
  Тошкентнинг дунёдаги бошқа пойтахт шаҳарларга ўхшамайдиган бетакрор фазилатлари кўп. Авваламбор, Чирчиқ воҳасининг қоқ марказида жойлашган, ён-атрофи тоғлар, далаю боғлар билан ўралган бу шаҳар ўзига хос табиати билан эътиборни тортади. Бозорлардаги тўкинликдан, маҳалла ва гузарлардаги орасталик, файзу баракадан кўз қувонади, фаввораларда чўмилаётган болаларнинг шодон қийқириқларидан, ҳар бир ҳовлидан таралаётган райҳон ҳиди, ҳозиргина тандирдан узилган нон исидан, энг муҳими, меҳр-оқибатни миллий қадрият даражасига кўтарган инсонларнинг чеҳрасидаги бахтиёрликдан бутун шаҳар яшариб кетгандёк бўлади.
  Шаҳримизнинг ана шундай фазилатларидан илҳомланиб, атоқли шоиримиз Ғафур Ғулом қуйидаги сатрларни битган эди:
  Бебаҳо Тошкентимиз, наҳоринг кундуздан шан,
  Меҳнаткаш, мунис, ўртоқ, қадрдон, дўст, эмукдош.
  Қиши - ёз, кузи - баҳор, туни - кунидан равшан,
  Лондон, Париж, Румога алишмайман, кўҳна Шош!
 
  Пойтахтимизнинг яна бир муҳим хусусияти - у азалдан Шарқ вa ғарб дунёсининг энг яхши анъаналарини ўзида уйғунлаштириб келади. Дунё илм-фанига «Буюк ипак йўли цивилизацияси» деган ном билан кирган ноёб умумбашарий ҳодисанинг шаклланишида Ўзбекистоннинг бошқа тарихий шаҳарлари қатори ҳал қилувчи, роль ўйнаган Тошкент қадимдан турли миллат вакиллари аҳил ва иноқ яшайдиган дўстлик ва бағрикенглик шаҳри бўлган.
  Тошкент дунёдаги жуда кўп таъриф ва тавсифга зга бўлган шаҳарлардан бири. Унинг «Тошкент - Шарқ дарвозаси», «Тошкент - Шарқ дурдонаси», «Тошкент - нон шаҳри», «Тошкент - тинчлик ва дўстлик шаҳри» деб аталиши бежиз эмас. Лекин шаҳарнинг энг буюк фазилати бу заминни замонлар оша улуғлаб, унинг шуҳратини дунёга ёйиб келаётган мард ва фидойи, меҳнаткаш, кўнгли очиқ Тошкент аҳлидир. Бу эл қадим-қадимдан маърифатга интилиб, тилимиз, динимиз, илм-фан ва маънавиятимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келади. Бу заминдан етишиб чиққан Қаффол Шоший, Шайх Хованд Тоҳур (Шайхонтоҳур), Шайх Зайниддин бобо, Хўжа Аламбардор, Иброҳим ота, Қўйлиқ ота каби азиз-авлиёлар, уламолар, Бадриддин Чочий, Зайниддин Восифий, Шарофиддин ибн Юсуф Илоқий, Исҳоқ ибн Иброҳим Шоший, Мирзо Муҳаммад Ҳайдар, Абдулла Авлоний, Мунавварқори, Абдулла Қодирий, Ғафур Ғулом, Ойбек, Зулфия сингари алломалар, шоир, ёзувчи ва мута-факкирларнинг номлари ва меросини халқимиз яхши билади.
  Тошкент аҳлининг мардлик, жасурлик ва олийжаноблик фазилатлари туфайли, қисмати қанчалик оғир ва мураккаб бўлмасин, Тошкент юртимиздаги зулм ва истибдодга қарши курашнинг, миллий озодлик ҳаракатининг асосий марказларидан   бири бўлиб келди. 1989 йил июнь ойида - Ислом Каримов республикамиз раҳбари бўлиб фаолият бошлаганидан сўнг Тошкент тарихида янги давр бошланди. Юртбошимиз 1991 йил 31 августда Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигини эълон қилди. Унутилмас ва буюк бу воқеа бутун жаҳонга ёйилди, ўзбек халқи тарихида янги давр ибтидоси бўлиб қолди.
  Ушбу альбомда Ўзбекистон пойтахти - Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик тараққиёт йўли, бугунги ва келажак ҳаёти тўғрисида, унинг шону шуҳратини асрлар синовидан олиб ўтиб, янги ва сермазмун саҳифалар билан бойитаётган меҳнаткаш эл, фидойи ва улуғ инсонлар ҳақида ҳикоя қилинади. Ўйлаймизки, бу альбом Тош­кент билан яқиндан танишиш, бу шаҳарнинг ўзига хос руҳи ва қиёфаси, таъбир жоиз бўлса, унинг феномени - асл табиати ва хосиятини янада чуқурроқ тушуниш ва англашга хизмат қилади.
 
“Тошкент - 2200”: китоб-альбом, Тошкент:Ўзбекистон, 2009 

Печать 24 Июль 2014 Ўқилди: 1299




Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси тўғрисида ахборот
Сайтда фойдаланувчилар сони: 45
Фойдали ресурслар
Ишонч телефонларига аҳоли ва тадбиркорлар томонидан тушган мурожаатлар сони
Тоифа Сони
Қабул қилинган 8
Ижрода 3
Ижроси таъминланган 5

ҚЎНҒИРОҚ ҚИЛИНГ!
Ишонч телефон (+9989 71) 237-61-41
Девонхона (+9989 71) 235-52-51
Шикоятлар бўлими (+9989 71) 237-61-41
Факс (+9989 71) 234-62-31

 

Хабар қолдиринг
  • Тарихий обидалар
  • Тошкентнома
  • Маданият ва санъат
  • Тадбиркорлик
  • Тендер ва эълонлар